Адлия вазири Акбар Тошқулов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тимоти Торлот билан учрашди
2023-02-20 20:50:23 / Янгиликлар

Учрашув бошида адлия вазири А.Тошқулов Ўзбекистон Республикаси ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасида адлия ва ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик йил сайин ривожланиб бораётганлигини таъкидлаб, ҳамкорликда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, хусусан фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ва аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда “advice.uz” порталининг, шунингдек, Бирлашган қиролликнинг Ҳукуматлараро ҳамкорлик ҳизматининг (Government Partnerships International) адлия тизими ходимларининг малакасини оширишдаги ижобий ўрни ҳақида муносабат билдирилди.
Элчи Тимоти Торлот, ўз ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини муҳим ҳамкор дея таъкидлаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга Бирлашган Қироллик ўз ҳиссасини қўшаётганлигидан мамнун эканлигини қайд этди.
Учрашув давомида Томонлар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Жумладан, интеллектуал мулк соҳасида, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент давлат юридик университети ва Бирлашган Қиролликнинг олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга, қўшма таълим дастурларини амалга оширишга келишиб олдилар.
