Ўзбeкистон ва Миср ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик кeнгаймоқда
2023-02-20 14:30:08 / Янгиликлар

Икки томонлама ҳужжатларнинг бутун тўплами билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ўтган йили икки давлат қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши видеоконференция форматида бўлиб ўтган эди.
Бугун Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги муносабатлар мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона ва илиқ муносабатлар туфайли сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Бу ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун барча ресурслар ва илмий захира мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама алоқалар сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегациянинг Миср Араб Республикасига расмий ташрифи таркибида қатор вазирлик ва идоралар, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти ҳам бор эди. Пахтачилик соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди. Миср ҳам Ўзбекистон сингари ўзининг пахтаси, айниқса, жаҳон бозорида жуда машҳур ва харидоргир бўлган ингичка толали навлари билан машҳур.
Жорий йилда Ўзбекистонда 18 минг гектар майдонга ана шундай ингичка толали пахта экиш мўлжалланмоқда. Ривожланаётган тенденцияларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон раҳбарининг 2022 йилдаги қарорига мувофиқ, Сурхондарё вилоятида ингичка толали пахта етиштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Гап шундаки, оқ олтиннинг бу навларини етиштириш бутун вегетатив даврда юқори ҳароратни талаб қилади. Шунинг учун уларни етиштириш учун энг мақбул ҳудудлар Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятларидир.
Ўтган йилнинг 30 ноябрь куни Миср пахтачилик, уруғчилик ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти билан ингичка толали пахтачилик маҳаллий илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Бугунги кунда мазкур илмий марказлар ўртасида генофонд алмашинуви, органик пахта толасини етиштириш ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича амалий тадқиқотлар олиб бориш, ўзбек навларини Мисрда синовдан ўтказиш, икки давлатнинг уруғчиликка бўлган стандартлар ва талабларини мувофиқлаштириш устувор вазифа ҳисобланади. Шунингдек, ғўзанинг тезпишар, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навларини яратиш ҳамда Ўзбекистон ва Миср патентларини ўзаро тан олишни ташкил этиш бўйича селекция ишлари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим қадамларидан биридир.
Ўзбекистон Президентининг Мисрга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Миср Араб Республикаси қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири Ал-Саид Ал-Қосайр ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун фитосанитария ва ўсимликлар карантини бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш жуда муҳим экани таъкидланди. Олий даражадаги ташриф чоғида мазкур йўналишда ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши режалаштирилган. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш, экспорт қилиш ва реэкспорт қилиш учун фитосанитария рухсатномаларини кўриб чиқиш ва бериш жараёнини тезлаштиради. Вазирликлар раҳбарларининг йиғилишида ингичка толали пахтачиликни ривожлантириш, илмий йўналишдаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда ҳам, Мисрда ҳам катта салоҳиятга эга олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, бу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Чорвачилик ва ветеринария соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида кўплаб истиқболли йўналишлар мавжуд. Ўзбекистонда Миср технологиясидан фойдаланган ҳолда ветеринария препаратлари ва озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш таклифи билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, Миср интенсив балиқ етиштириш бўйича катта тажрибага эга, бу ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир. Мамлакатларимиз бир-биридан узоқда жойлашганига қарамай, Ўзбекистон ва Мисрнинг кесишиш нуқталари кўп. Қишлоқ хўжалиги ҳам бундан мустасно эмас. Бугунги кунда соҳа раҳбарияти олдида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва номенклатурасини ошириш, илмий алмашинувни кенгайтириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш вазифаси турибди.
Ушбу учрашув давлатимиз раҳбарининг Миср Араб Республикасига амалга оширадиган расмий ташрифи олдидан ўтказилган бўлиб, ўз навбатида мазкур мулоқот ва амалий ҳаракатлар режаси ташрифда имзоланажак ҳужжатлар билан мустаҳкамланади.



