Ўзбекистоннинг ташаббуслари IUCN Бутунжаҳон конгрессининг якуний натижаларига киритилди
2025-10-20 15:10:00 / Янгиликлар

Дунё бўйлаб ҳукуматлар, илмий доиралар, ёшлар, фуқаролик жамияти ва бизнес вакилларидан иборат 10 мингдан ортиқ иштирокчини жамлаган ушбу конгресс асраш ва барқарор ривожланиш масалаларини муҳокама қилиш бўйича энг йирик глобал майдонга айланди. Иштирокчилар “табиатга ижобий таъсир кўрсатадиган” келажак – инсон ва табиат уйғунликда ривожланадиган дунёни шакллантириш йўлида биргаликдаги ҳаракатларни белгилаб олдилар.
IUCN аъзолари Ассамблеяси давомида “Абу-Даби ҳаракатга чақирув декларацияси” (“Abu Dhabi Call to Action”) қабул қилинди. Ҳужжат мамлакатларнинг сайёрани ҳимоя қилиш ва биохилма-хилликни сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга содиқлигини тасдиқлайди. Шунингдек, делегатлар Разан Халифа Ал Муборакни IUCN президенти лавозимига қайта сайладилар ва Иттифоқнинг янги раҳбар органларини шакллантирдилар.
Конгресс доирасида инклюзивлик, инновациялар ва илмий тараққиёт масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ташкилот тарихида илк бор Бутунжаҳон маҳаллий халқлар ва табиат саммити ўтказилди. Иттифоққа 100 дан ортиқ янги аъзолар, жумладан, 6 та давлат қабул қилинди. Муҳим илмий янгиликлар тақдим этилди — хусусан, йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар бўйича янгиланган IUCN Қизил рўйхати (IUCN Red List of Threatened Species™), чанглатувчи организмлар ҳақидаги маълумотлар ва "World Heritage Outlook" ҳисоботлари. Тадбир ISO 20121:2024 халқаро стандартига мувофиқ барқарор ёндашув асосида ташкил этилгани учун сертификатга сазовор бўлди.
Ассамблея якунларига кўра 150 дан ортиқ қарор (motions ) қабул қилинди, улардан еттитасининг ишлаб чиқилишида Ўзбекистон фаол иштирок этди. Улар экологик жиноятларга қарши кураш, ёввойи ҳайвонлар савдосини чеклаш, “Ягона саломатлик” (One Health) концепциясини илгари суриш ва қўриқланадиган ҳудудларнинг “Яшил рўйхати” тизимини такомиллаштириш каби йўналишларни қамраб олади.
Ўзбекистон иштирокида қуйидаги ҳужжатлар ишлаб чиқилди: – "Advancing the IUCN Green List of protected and conserved areas" – қўриқланадиган ҳудудларнинг “Яшил рўйхати” тизимини такомиллаштириш; – "Crimes that Affect the Environment" (CAE) – экологик жиноятларга қарши курашиш; – "Addressing wildlife trafficking and the management of seized or confiscated live wild animals" – ёввойи ҳайвонлар савдосига қарши кураш ва мусодара қилинган жониворларни бошқариш; – "Advancing the One Health approach for biodiversity, health and global cooperation" – “Ягона саломатлик” ёндашувини ривожлантириш; – "Implementation of the One Health approach, from global to local" – “Ягона саломатлик” ёндашувини глобалдан маҳаллий даражагача жорий этиш; – "Development of IUCN guidelines to effectively control the commercial pet trade in terrestrial wildlife" – ёввойи ҳайвонларнинг тижорий уй ҳайвони сифатидаги савдосини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқиш; – "IUCN Red List solvency and private- sector initiatives" – Қизил рўйхатнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва хусусий секторни табиатни муҳофаза қилиш ташаббусларига жалб этиш.
Ўзбекистон учун алоҳида ютуқ сифатида миллий инспекторларнинг хизматлари эътироф этилди. Конгресс доирасида Экология вазирлиги инспектори Лазизбек Ҳасанов мамлакатнинг табиий ҳудудларини ҳимоя қилиш ва биохилма-хилликни сақлашга қўшган улкан ҳиссаси учун "International Ranger Award" (Халқаро рейнжер мукофоти) билан тақдирланди.
Ўзбекистоннинг дунёдаги энг йирик табиатни муҳофаза қилиш форумида иштироки халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажриба алмашиш ва миллий ташаббусларни глобал даражада илгари суриш йўлида муҳим қадам бўлди.

