Ўзбекистон делегацияси қоҳира сув ҳафталигида иштирок этмоқда
2025-10-14 10:15:00 / Янгиликлар

Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев бошчилигида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Коҳира сув ҳафталиги сув ресурсларини бошқариш масалаларини муҳокама этувчи энг нуфузли минтақавий ва халқаро платформалардан бири ҳисобланади. Бу йилги анжуман “Иқлим ва сув барқарорлиги учун инновацион ечимлар” шиори остида ўтказилмоқда ҳамда минтақавий ва глобал сув хавфсизлиги муаммоларига ечим топишга қаратилган.
Тадбирда дунёнинг кўплаб давлатларидан сув хўжалиги бўйича етук мутахассислар, вазирлар, ҳукумат вакиллари билан бирга БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Тараққиёт дастури (UNDP) каби халқаро ташкилотлар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси анжуман иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Ас-Сиси трансчегаравий дарёлар мамлакатларни ажратувчи эмас, балки уларни бирлаштирувчи ҳаёт манбаи ва ҳамкорлик кўприклари эканлигини таъкидлади. Сув ресурсларига ортиб бораётган талаб, танқислик шароитида ва иқлим ўзгаришлари таъсирига қарши курашишда инновациялар, тадқиқотлар ва ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди.
Тадбирнинг очилишида Миср Араб Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Ҳани Сувайламнинг таъкидлашича, Коҳира сув ҳафталигининг саккиз йил давомида узлуксиз ўтказиб келинаётгани Мисрнинг сув масалаларида минтақавий ва халқаро мулоқотни ривожлантиришга содиқлигини кўрсатади.
Ҳафталик доирасида сув хўжалиги ва ирригациянинг замонавий технологияларига бағишланган кўргазма ташкил этилган. Унда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларининг янги моделлари, автоматлаштирилган сув ҳисоблагичлари, сенсорли бошқарув ускуналари, сувни қайта ишлаш, дренаж ва сув захираларини сақлаш бўйича инновацион ечимлар намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон ва Миср делегациялари ўртасида икки томонлама учрашув ўтказилди. Мулоқот чоғида буюк аждодимиз Аҳмад ал-Фарғоний томонидан Мисрда яратилган Нилометр ва унинг бир неча юз йиллар давомида мисрликлар учун қанчалик фойда бергани эътироф этилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар — Сув кодексининг қабул қилиниши, сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастури, 2 500 кмдан ортиқ ирригация тармоқларини реконструкция қилиш режалари, 1,4 млн га майдонда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш ва 2025 йилида тахминан 10 млрд куб метр сув тежаш мақсадлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув давомида томонлар тажриба алмашиш, тренинглар ўтказиш ва қўшма пилот лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича амалий келишувларга эришдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди.


