Туркия компанияси билан кўп тармоқли клиника қуриш лойиҳаси муҳокамасининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди
2024-04-08 10:20:00 / Янгиликлар

Унда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Бобур Ходжаев ҳамда Отабек Фозилкаримов, вазир маслаҳатчиси Одилбек Исоқов, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарходжон Ташпулатов ва бир қатор масъуллар иштирок этди. Хорижий томондан компания раҳбарияти вакиллари, жумладан, “Rönesans Healthcare Investment” бошқаруви раиси Камил Яникомерўғлу, “Rönesans Holding”нинг Евросиё бўйича минтақавий директори Жем Ўзоғуз, “Rönesans Holding” бош директори ўринбосари Волкан Хатинўғлу қатнашди.
Учрашувда Тошкент вилоятида қурилиши режалаштирилаётган кўп тармоқли клиника лойиҳаси муҳокамасининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик доирасида амалга оширилиши назарда тутилган.
Дастлаб Туркия компанияси вакиллари вазирлик раҳбариятига истиқболдаги режалар, шифохонани қуриш ва ишга тушириш юзасидан бошқа тегишли идоралар вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижалари бўйича маълумот берди. Шунингдек, ҳамкорликнинг бошқа тафсилотлари ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларига батафсил тўхталиб ўтилди.
Томонлар тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган мазкур лойиҳа бўйича олиб борилаётган музокаралар ижобий давом этишига умид билдиришди.
Якунда шифохона қурилиш бўйича ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан маслаҳатлашувларни янада фаол олиб боришга келишиб олинди.

