ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ташрифи
2023-02-14 20:30:58 / Янгиликлар

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов билан бўлиб ўтган учрашув самимий руҳда бошланиб, авваламбор ЮНИСЕФнинг Ўзбекистонда ижтимоий соҳаларни ўз ичига қамраб олган лойиҳалари кенг кўламда амалга оширилаётгани, шунингдек мазкур лойиҳалар ўзининг юқори натижаларини бераётгани таъкидланди. Шунингдек, ушбу халқаро ташкилот амалга ошираётган лойиҳаларнинг энг устуворларидан бири бу ёшлар соҳасини ривожлантириш ҳисобланади.
Бу борада вазир билан бўлган учрашувда ҳам ёшлар масалалари кўп бор тилга олинди.
Хусусан учрашувда ёшлар балансини шакллантириш, уларни бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, дунёқараш ва қизиқишларни инобатга олган ҳолда уларни натижадор соҳаларга тайёрлаш, спорт, маданият, IT технологиялар ва касбларга ўргатиш борасида вазирлик ва халқаро ташкилот ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Қолаверса, спорт соҳаси вакилларининг асосий қатлами ёшлар эканлигини инобатга олган ҳолда, улар учун жисмоний тарбия ва профессионал спорт соҳаларида қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Қайд этиш лозимки, айни вақтда мамлакатимизнинг 6та ҳудудида ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда «ImkonLab» грант лойиҳаси амалга оширилмоқда. Айни кунларда эса Андижон вилоятининг Асака тумани ва Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳарларида ёшлар ижтимоий тадбиркорлик ва ижтимоий лойиҳаларнинг ишлаб чиқиш бўйича тренингларда иштирок этишмоқда.
Ушбу лойиҳа тез фурсатда ёшларни ўзига жалб қилгани билан аҳамиятли бўлиб, келгусида лойиҳа манзиллари Янгибозор, Бўстон каби вилоятлар бўлиши режалаштирилган. Учрашув якунида икки томоннинг таклифлари бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш, доимий мулоқотда бўлиш ва янги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.


