Ўзбекистон ва ОТБ "яшил" иқтисодиёт ва иқлим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирмоқда
2025-09-23 14:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда вазир Азиз Абдуҳакимов узоқ йиллик ҳамкорлик ва доимий қўллаб-қувватлаш, хусусан, чиқиндиларни бошқариш, институционал ислоҳотлар ва Ўзбекистонда "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш йўналишларидаги кўмак учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, жаноб Янгнинг яқинда Наманганга ташрифи якунлари, жумладан, “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумидаги иштироки, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви ва бунда муҳим масалалар муҳокама қилингани алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг Ўзбекистонда “Атроф- асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг экологик устувор йўналишлар, қайта тикланувчи энергия манбалари, ўрмонзорлар барпо этиш ва яшил инновациялар бўйича стратегик йўналишини акс эттирганига алоҳида эътибор қаратилди. Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг (“Green University”) ташкил этилиши ҳам таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги йирик қадам сифатида баҳоланди.
Жаноб Янг Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича етакчилигини юқори баҳолади, “Eco Expo Central Asia 2025” кўргазмасининг муваффақиятли ўтказилганлигини алоҳида эътироф этди ва янги ташаббусларни, жумладан, иқлимга чидамли шаҳарсозлик лойиҳалари ва инновацион молиялаштириш ечимларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистонда ҳаво сифатини бошқариш ва аҳоли саломатлигини яхшилашга хизмат қилувчи “Саломатлик ва барқарорликни яхшилаш учун тоза ҳаво ҳаракатлари” минтақавий ташаббусини амалга ошириш бўйича келгуси ҳамкорлик ҳам белгиланди. Муҳокамаларда иқлим муаммоларига чидамлиликни кучайтириш учун шаҳар барқарорлиги, ақлли мониторинг технологиялари ва шаҳарни кўкаламзорлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Иккала томон ҳам экология ва барқарор ривожланиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш тарафдори эканликларини тасдиқлаб, уларнинг ҳамкорлиги яшил келажакка оид миллий ва глобал мақсадларга сезиларли ҳисса қўшишини таъкидладилар.


