Жанни Инфантино "Олимпия шаҳарчаси" ва Миллий футбол маркази фаолияти билан танишди
2025-09-09 10:25:00 / Янгиликлар

Делегация аъзолари кун давомида "Олимпия шаҳарчаси" ва Юқори Чирчиқдаги Миллий футбол маркази фаолияти билан танишди.
Мартабали меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Осиё олимпия кенгаши вице-президенти, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамроҳлик қилди.
2022 йил 9 ноябрда қурилиши бошланган "Олимпия шаҳарчаси" юртимиздаги энг йирик спорт мажмуаларидан бири бўлиб, 100 гектардан ортиқ майдонда қад ростлаган. Унда бир нечта спорт турлари учун мўлжалланган замонавий, кўп функцияли иншоотлар барпо этилган. Мажмуа халқаро мезонларга тўлиқ жавоб бериши, архитектура жиҳатидан мукаммаллиги, энергия тежамкорлиги ҳамда замонавий инновацион ечимлари билан алоҳида аҳамиятга эга.
Жанни Инфантино "Олимпия шаҳарчаси"га ҳам юксак баҳо берди. У Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган замонавий спорт шароитлари ва ёшлар учун имкониятларни эътироф этди.
Шундан сўнг, делегация аъзолари Юқори Чирчиқдаги Миллий футбол марказига ташриф буюрди.
Маълумки, икки йил аввал Жанни Инфантино мазкур ҳудудга ташриф буюриб, марказ қурилишига рамзий ғишт қўйган эди. Бугунги кунда марказ тўлиқ ишга туширилиб, бир вақтнинг ўзида бир нечта терма жамоа машғулот ўтказиши учун барча шарт-шароит яратилган. Замонавий стадионлар, спорт заллари, ўқув бинолари ва меҳмонхона футболчилар ихтиёрида.
Шунингдек, спорт тиббиёти маркази замонавий жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, футболчиларнинг жароҳатлардан кейин қисқа фурсатда тикланиши учун реабилитация бўлимлари, бассейн ва машғулот заллари фаолият кўрсатмоқда. Делегация аъзолари футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, VAR тизими, терма жамоалар тайёргарлик майдони ҳамда Республика футбол академияси билан танишди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабарига кўра, Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашиб, уларни Жаҳон чемпионати йўлланмаси билан табриклади.
Эслатиб ўтамиз, Жанни Инфантино бошчилигидаги делегация “CAFA Nations Cup – 2025” мусобақасининг Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги финал учрашувини стадиондан томоша қилишни режалаштирган.


