IFC билан учрашувда хусусий секторни ривожлантириш ва молиявий имкониятлар кўриб чиқилди
2025-09-09 09:25:00 / Янгиликлар

Вибке Шлёмер Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг очиқлиги ва инвесторлар учун қулай муҳит яратишга йўналтирилганини алоҳида таъкидлади. Муҳим ютуқлар қаторида “Scaling Solar” дастури доирасида қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши учун инвестор жалб этиш бўйича илк битим қайд этилди. Ушбу тажриба кейинги энергетика лойиҳалари учун андоза сифатида хизмат қилмоқда.
Учрашувда соғлиқни сақлаш, таълим ва энергетика соҳаларида ДХШни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар IFC нинг мамлакатимиз хусусий секторини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётганини, молиявий ресурсларга кириш имконини таъминлаш, консультация ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга кўмаклашаётганини қайд этдилар.
Шунингдек, инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш ва миллий компанияларнинг молиявий бошқарув соҳасидаги салоҳиятини оширишга эътибор қаратилди. Бу уларнинг халқаро капитал бозорларига чиқишига замин яратади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашини ривожлантириш ҳамда унда IFC иштирокини кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.

