Халқаро ҳамкорлик
2025-08-27 12:50:00 / Янгиликлар

25 та давлатдан 230 дан ортиқ меҳмон иштирок этган форумда гендерга йўналтирилган иқтисодий сиёсат, кадрлар бошқаруви, инвестиция жалб этиш ва рақобатбардошликни ошириш каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шўба йиғилишлари, семинарларда иштирокчилар замонавий бизнес дунёсида хотин-қизлар дуч келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклиф, тавсия ва ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, етакчилик қобилиятларини ривожлантириш, молиявий манбаларга эга бўлиш, бизнеснинг рақамли трансформацияси ва барқарор иқтисодиёт яратишда аёлларнинг роли масалалари кенг муҳокама қилинди.
Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова форумда иштирок этиб, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, истиқболдаги вазифалар ҳақида маъруза қилди.
Бош вазир ўринбосари томонидан алоҳида таъкидланганидек:
“Ўзбекистон ҳамиша хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш борасида халқаро ҳамкорлик ва конструктив мулоқот тарафдори бўлиб келган. Биз барча халқаро шериклар билан тажриба ва ечимлар алмашишга, тинч ва фаровон келажак йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга доимо тайёрмиз.
Ҳозирги мураккаб глобал шароитда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш бутун инсониятнинг умумий бурчи эканини чуқур англаб етиш замонавий дунё талабидир. Мўғулистонда ўтказилаётган мазкур форум давлатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашинуви, ҳамкорлик ва тенг имкониятлар сари қадам ташлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади”.

