Ўзбекистон ва Иордания: аграр соҳада янги ҳамкорлик уфқлари
2025-08-25 17:20:00 / Янгиликлар

Самимий ва очиқ мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Аввало, Иорданиянинг машҳур “Аваси” қўй зотини мамлакатимизга олиб келиш ва уни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, юртимизда турли чорва молларини етиштириш ҳамда уларни Иорданияга экспорт қилиш истиқболлари белгиланди.
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида фитосанитария ва карантин йўналишларида тажриба алмашиш, шунингдек, чорвачилик, ветеринария ва рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
Учрашувда ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистондан гилос, майиз ва бошқа маҳсулотларни Иорданияга экспорт қилиш, Иорданиядан эса хурмо, зайтун ва зайтун мойини мамлакатимизга олиб кириш имкониятлари белгилаб олинди.
Бундан ташқари, қурғоқчиликка чидамли навларни маҳаллийлаштириш ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қайд этилди.
Томонлар қатор пилот лойиҳаларни амалга ошириш, илгари имзоланган меморандумларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва бу борада масъул шахсларни тайинлаш бўйича ҳам келишиб олдилар.
Мазкур учрашув икки давлат ўртасида аграр соҳада ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши, ўзаро манфаатли ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлиши таъкидланди.

