Беларус – Ўзбекистон касбий таълим ҳамкорлиги кенгаймоқда
2025-08-21 16:55:00 / Янгиликлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бошчилигида ўтган учрашувда “2024–2025 йилларда касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни амалга ошириш бўйича Йўл харитаси” ҳамда биринчи Беларус–Ўзбекистон касбий таълим форуми (29–30 апрель 2024 йил) доирасида эришилган келишувлар ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳозиргача амалга оширилган ишларга кўра, Беларусиядаги компетенция марказлари Ўзбекистондаги 14 та базавий касбий таълим муассасаси билан менторлик асосида ҳамкорликни йўлга қўйган. Шу асосда 11 та интегратсиялашган янги таълим дастури ишлаб чиқилиб, 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб жорий этилди. Мазкур дастурлар асосида 834 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шунингдек, 72 нафар раҳбар ва педагог кадр Беларусиядаги компетенция марказларида малака оширди, 30 дан ортиқ қўшма семинар ва маҳорат дарслари ташкил этилди. Ўзбекистонлик ўқувчи ва мутахассислар эса Минск шаҳрида ўтказилган “VI Республика касб чемпионати”да фаол иштирок этди.
Учрашув якунида 2025 йил учун устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди. Жумладан, 14 та базавий таълим муассасасини ўқув-методик адабиётлар ва рақамли ресурслар билан таъминлаш, имзоланган меморандумлар асосида янги таълим дастурларини жорий этиш, “ИИ Беларус–Ўзбекистон профессионал таълим форуми”ни юқори савияда ўтказиш ҳамда ўзбек педагог ва ўқувчиларининг Беларусияда стажировка ва амалиёт ўташига кўмаклашиш режалаштирилган.


