Тошкентда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг иқлим муаммолари муҳокама қилинди
2025-08-20 09:40:00 / Янгиликлар

Тадбирда Черногория собиқ президенти Филип Вуянович, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Низомий Ганжавий халқаро маркази ҳаммуассиси ва Жаҳон банки собиқ витсе-президенти Исмоил Серагелдин, ШҲТнинг собиқ бош котиби, Тожикистон ТИВ собиқ раҳбари Рашид Алимов ва Прогрессив ислоҳотлар маркази директори Миршоҳид Асланов иштирок этди.
Тадбирда нутқ сўзлаган Азиз Абдуҳакимов иқлим ўзгариши энди фақат илмий баҳс эмас, у тўғридан-тўғри инсон саломатлиги, иқтисодиёт ва ижтимоий барқарорликка таъсир қилаётганлигини таъкидлади. Вазир Марказий Осиё глобал ўртача даражадан икки баравар тезроқ исиб бораётганлиги, музликлар эриётганлиги, ерлар деградацияга учраётганлиги ва Орол денгизи қуришининг оқибатлари ҳали ҳам давом этаётганлигини қайд этди.
А.Абдуҳакимов ушбу муаммоларга жавобан Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бир қанча ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, Экология вазирлиги фаолияти ўзгарганлиги, Миллий иқлим маркази ташкил этилганлиги, "Green University" очилганлиги, “Яшил макон” лойиҳаси орқали ҳар йили 200 миллион дарахт экилаётганлиги, суғориш тизими модернизация қилиниб, сув тежовчи технологиялар жорий этилаётганлиги ҳамда қуёш ва шамол энергияси каби яшил энергетика ривожлантирилиб, 2030 йилга бориб унинг улуши 50% дан ошиши режалаштирилганлигини айтиб ўтди. Вазир, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш, музликларни мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш ва "Green University"ни илмий ҳамкорлик платформасига айлантириш борасида ҳамкорлик қилишни таклиф этди.
Муҳокама давомида иштирокчилар иқлим муаммолари жамоавий масъулият ва биргаликдаги ечимларни талаб қилишига келишиб олдилар. Таъкидланганидек, трансминтақавий ҳамкорлик технологиялар алмашинуви, инновациялар ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очмоқда. Марказий Осиёнинг иқлим келажаги минтақадаги барча давлатлар ва уларнинг Европадаги ҳамкорларининг биргаликдаги иштирокига боғлиқ экани қайд этилди.
Сессия якунида иштирокчилар 2025 йил ноябрь-декабрь ойларида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган йўқолиб бораётган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES COP20) иштирокчиларининг 20-конференцияси, 2026 йилда бўлиб ўтадиган Глобал экологик фонднинг 8-ассамблеяси ва "Eco Expo Central Asia" кўргазмасига таклиф қилинди. Бу платформалар мулоқотнинг муҳим давоми бўлиб, экология ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасида трансминтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.

