Тошкентда юқори даражадаги форум доирасида сунъий интеллект истиқболлари муҳокама қилинди
2025-08-19 18:10:00 / Янгиликлар

Ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Низомий Ганжавий халқаро маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир доирасида “Сунъий интеллект – минтақанинг келгуси тараққиётининг асосий омили” мавзусида панель сессия ўтказилди.
Сессияда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов нутқ сўзлаб, сунъий интеллектнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Вазир таъкидлаганидек, Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришда катта қадамлар қўймоқда. Хусусан, 2024 йилда мамлакат Oxford Insights’нинг Government AI Readiness Index рейтингда 188 давлат орасида 70-ўринни эгаллади. Бу ўтган йилга нисбатан 17 поғона юқори натижа ҳисобланади.
Вазир ўз нутқи давомида 2030 йилгача бир қатор устувор мақсадлар белгилангани қайд этди.
Шунингдек, Европа билан ҳамкорлик истиқболларига ҳам эътибор қаратилди. Ўзбекистон рақамли кўприк сифатида Марказий Осиё ва Европа ўртасида IТ-аутсорсинг, булутли хизматлар ва сунъий интеллект илмий тадқиқотларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлиги билдирилди.

