Ўзбекистон – Япония: қишлоқ хўжалигидаги янги истиқболлар
2025-08-15 09:25:00 / Янгиликлар

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, мавжуд имкониятлар ҳамда келгусидаги истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Ашикари Мотоюки мамлакатимизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг бетакрор мазаси ва юқори сифатини алоҳида эътироф этиб, бу жиҳатлар халқаро бозорда рақобатбардошликни оширишини таъкидлади.
Шунингдек, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари кучайиб бораётган шароитда Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг стратегик аҳамият касб этишини қайд этди.
Вазир ўз навбатида Ўзбекистонда агробиотехнология ва илмий-тадқиқот ишларига қаратилаётган эътибор ҳақида сўзлаб берди.
Хусусан, геномика ва биоинформатика марказида олиб борилаётган изланишлар, янги навлар яратиш ва уларни турли иқлим шароитларига мослаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Томонлар, айниқса, шўрланган тупроқлар ва сув танқислиги шароитида етиштиришга мос, чидамли шоли навларини селекция қилиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Мазкур учрашув икки давлат ўртасидаги аграр ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, янги илмий ва амалий лойиҳаларга замин яратиши кутилмоқда.


