Ўзбекистон — Иордания: инвестициялар соҳасида янги ҳамкорлик босқичи
2025-08-12 09:40:00 / Янгиликлар

Музокаралар Иордания инвестициялар вазири доктор Ториқ Абу Газале билан учрашувдан бошланди. Томонлар инвеститсиявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда қулай бизнес муҳитини яратиш бўйича тажриба алмашдикар.
Кейинги учрашув Иордания саноат, савдо ва таъминот вазири Яруб Кудах билан бўлиб ўтди. Унда савдо ҳажмини ошириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Саноат кооперацияси ва экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашиш масалалари алоҳида эътиборга молик бўлди. Учрашувнинг асосий натижаси сифатида икки давлат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини тайёрлашга келишиб олинди.
Ташриф дастурида, шунингдек, Иордания рақамли иқтисодиёт ва тадбиркорлик вазири Сами Смейрат, Қирол Хусайн номидаги бизнес-парки бош директори Аммар Иззиддин, Иордания Саноат палатаси раиси муҳандис Фатхий Жагбир, шунингдек, мамлакатнинг етакчи компаниялари — National Arab Mining Company, Zarhat Company, Arab Pesticides and Veterinary Drugs Manufacturing Company, Jordan Phosphate Mines Company, Grow Tech, Classic Fashion Apparel Industry ва бошқа корхоналар раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Кун якунида Иордания Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда фармацевтика, кимё, тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи 20 дан ортиқ компаниялар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Иордания ишбилармон доиралари Ўзбекистон инвестиция муҳити амалий жиҳатлари билан батафсил таништирилди, истиқболли тайёр лойиҳа таклифлари тақдим этилди ва қўшма ҳамкорлик учун аниқ лойиҳалар келишиб олинди. Делегациянинг ташрифи давом этмоқда.


