Халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2025-08-05 16:05:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев делегация аъзолари билан учрашув ўтказди.
Маълумот учун: Жанубий Кореянинг K-Water корпорацияси сув ресурсларини ҳар томонлама ривожлантириш, ҳам ижтимоий аҳамиятга эга сувларни, ҳам саноат сувларини таъминлаш билан шуғулланувчи ҳукумат органи ҳисобланади.
Осиё сув кенгашига 2015 йилда Жанубий Корея ташаббуси билан асос солинган. Бугунги кунда 26 та мамлакатдан 170 дан зиёд иштирокчиларни бирлаштирган ушбу кенгаш сув тежайдиган технологияларни ривожлантиришни, сув хўжалиги соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Учрашувда Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Осиё сув кенгаши сув хўжалиги соҳасида нафақат қитъада, балки жаҳондаги энг фаол ташкилотлардан бирига айланиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, вазирлик вакиллари бир неча бор K-Water корпорациясига ташриф буюриб, кореяликларнинг тажрибасини ўрганишган.
Меҳмонларга мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, каналларни бетонлаш, насосларни модернизация қилиш, сув омборлар ва гидротехник иншоотларни қуриш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимиздаги суғориладиган 4,3 млн гектар майдон 2030 йилгача сув тежовчи технологиялар билан тўлиқ қамраб олиниши айтиб ўтилди.
Куни кеча мамлакатимизнинг Сув кодекси тасдиқланди. Халқаро сув ҳуқуқи нормалари миллий сув қонунчилигига сингдирилган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имиджини яхшилашга хизмат қилиши эътироф этилди.
Жаноб Ён-док Чо Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлардан хабардор экинлигини айтиб ўтди. Сувни асраш ва самарали ишлатишда замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш бўйича Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шу билан бирга, Жанубий Кореянинг сув ресурсларини бошқаришдаги тажрибаси ҳақида гапириб берди.
Учрашувда халқаро доирадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.


