Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори билан учрашув бўлиб ўтди
2024-03-13 11:45:00 / Янгиликлар

Учрашувда томонлар жорий йилда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ҳукумат томонидан амалга оширилиши режалаштирилган асосий макроиқтисодий ислоҳотларни муҳокама қилди. Хусусан, энергетика, транспорт, телекоммуникация тармоқларини ислоҳ қилиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, давлат корхоналарини трансформация қилиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Йиғилиш иштирокчилари Жаҳон банки гуруҳи ва Ўзбекистон ўртасидаги 2022–2026 йилларга мўлжалланган шериклик дастурини амалга оширишда эришилган ютуқларни алоҳида қайд этди.
Маълумот учун: мазкур дастурнинг мақсади мамлакатга аниқ ижтимоий-иқтисодий натижаларга эришиш, жумладан, камбағалликни қисқартириш, хусусий секторни кенгайтириш, инсон капиталини ривожлантириш ва “яшил” иқтисодиётни шакллантиришда кўмаклашишдан иборат.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан Жаҳон банки билан биргаликда иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳалар сони ортиб, сифати яхшилангани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, яқинда тасдиқланган Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш лойиҳаси шулар жумласидандир. Учрашув иштирокчилари айни пайтда ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни ҳам муҳокама қилди.
Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар инклюзив бозор иқтисодиётини барпо этиш ва мамлакат фуқаролари фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фаол мулоқотни давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди.
