UNFSS+4: Ўзбекистон HECI тамойилларини устувор йўналиш сифатида илгари сурмоқда
2025-07-28 16:55:00 / Янгиликлар

Мазкур сессияда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов нутқ сўзлади.
Ўз чиқишида вазир мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли аграр ислоҳотлар, бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиш жараёни, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланиш бўйича эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.
Жумладан, ҳар йили 4 миллиард дона озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётгани, пахтачилик стратегияси доирасида юқори қийматли маҳсулотлар етиштирилаётгани, сўнгги йилларда агросаноат соҳасига 3 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилгани ва 1 миллион гектар ер майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этилгани таъкидлаб ўтилди.
Тақдимот давомида вазир Ўзбекистонда HECI (Humanity, Ethics, Creativity and Imagination) — яъни соғлом, тенг ҳуқуқли, иқлим ва табиатга мос ҳамда инклюзив тамойиллар қишлоқ хўжалигида устувор йўналиш сифатида татбиқ этилаётганини алоҳида қайд этди. Бу борада инсонпарварлик, этик ёндашувлар, инновацион ечимлар, иқлим ўзгаришига мослашув ҳамда инсон капиталига йўналтирилган сармоялар муҳим ўрин тутаётгани билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, “UNFSS+4” саммити 2025 йил 27–29 июль кунлари бўлиб ўтади. Унда БМТга аъзо давлатлар вакиллари, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.

