Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “SOCAR” ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида маҳсулот тақсимотига оид Битим имзоланди
2025-07-24 12:05:00 / Янгиликлар

Ушбу Битим Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг узоқни кўра билиши ва қатъиятининг ёрқин далилидир. Уларнинг сиёсий иродаси ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга бўлган шахсий интилиши мамлакатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга имкон берди. Битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги энергетика соҳасидаги шерикликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди ҳамда углеводород ресурсларини қидириш ва ўзлаштириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратди.
Битим шартларига мувофиқ, 1,0 минг квадрат километрдан кам бўлмаган майдонда 3D сейсморазведка ишларини олиб бориш ва натижаларга кўра битта қудуқда геология-қидирув ишларини бошлаш режалаштирилган. Саноат аҳамиятига эга углеводород конлари топилган тақдирда, томонлар уларни ўзлаштириш ва кейинчалик қазиб олиш босқичига киришадилар.
Ровшан Наджаф, SOCAR компанияси президенти:
“Ушбу Битимнинг имзоланиши Марказий Осиё ва Каспий минтақасида энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиямизнинг тасдиғидир. SOCAR тўпланган бой тажриба ва илғор технологик ечимларни қўллаган ҳолда лойиҳани амалга оширишга иштиёқ билан киришмоқда. Ишончимиз комилки, бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва инфратузилмасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади”.
Жўрабек Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири:
“SOCAR билан ҳамкорлик Янги Ўзбекистоннинг инвестиция манбаларини диверсификация қилиш ва энг илғор халқаро амалиётларни тадбиқ этишга бўлган стратегик интилишини акс эттиради. Устюрт ҳудуди юқори истиқболга эга ва маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим (МТБ)нинг имзоланиши унинг самарали ривожланиши учун янги имкониятларни очади. Ушбу лойиҳа технологик тараққиёт ва иқтисодий ўсишнинг муҳим омили бўлишига ишонамиз”.
Баҳодиржон Сиддиқов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси:
“Ушбу битим соҳа ҳамкорлигини чуқурлаштириш ва миллий нефт-газ тармоғини ривожлантириш йўлидаги муҳим босқичдир. Шунингдек, "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг халқаро ҳамкорлик ва йирик инвестицияларга очиқ бўлган ишончли ва инновацион йўналтирилган ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди”.


