Юрт равнақи учун бирлашамиз: Uzbekistan Connect дастури доирасида ватандошлар билан учрашув
2025-07-24 11:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятини халқаро ҳамкорлар билан боғлаш, глобал технологик ландшафтга интегратсиялашувини осонлаштириш, инвестициялар ва инновацияларни жалб қилиш ҳамда диаспора асосидаги тажриба ва қўллаб-қувватлаш орқали ўзбекистонлик ёш мутахассислар ва стартапларнинг имкониятларини кенгайтириш учун етакчи глобал технологик компаниялар ва стартапларда ишлайдиган ўзбек миллатига мансуб муваффақиятли мутахассисларни жалб қилиш мақсадида Uzbekistan Connect дастури ишга туширилган.Бу глобал тажрибани маҳаллий инновациялар билан боғлаш ва Ўзбекистонни рақамли иқтисодиётнинг етакчи ўйинчиси сифатида кўрсатиш ҳаракатидир.
Uzbekistan Connect Амбассадорнинг асосий вазифалари эса халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, экспорт иштироки платформасини яратиш, инвестициялар ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш. иқтидорни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзбекистоннинг технологик салоҳиятини тарғиб қилишдан иборат.
Учрашувда Германия, Япония, Жанубий Корея, Полша, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Америка Қўшма Штатларидаги йирик технологик компаниялар ва стартапларда ишлаётган 12 нафар амбассадорлар иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг IT ва стартап экотизими, рақамли инфратузилмаси, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, шунингдек, мамлакатда яратилган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш дастурлари муҳокама қилинди.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов асосий мақсадлардан бири Ўзбекистонни жаҳон IT бозорида танитиш ва кўпроқ халқаро технологик компанияларни юртимизга жалб қилиш эканини таъкидлади. Шунингдек, масофавий иш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
Шу билан бирга, вазир чекка ҳудудларга ҳам янги компанияларни жалб қилиш орқали ўша жойлардаги салоҳиятни ривожлантириш, ёшлар учун юқори даромадли иш ўринларини яратиш устувор вазифаларидан бири эканини қўшимча қилди. Шу мақсадда маҳаллий инфратузилмани мустаҳкамлаш, таълим ва кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим эканлиги таъкидланди.
Uzbekistan Connect амбассадорлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, мамлакатимиздаги рақамли трансформация ва инновация лойиҳаларига ўз ҳиссаларини қўшиш, халқаро инвесторлар ва хорижий компаниялар билан шерикликни ривожлантириш бўйича таклифлар беришди. Шунингдек, ёш мутахассислар учун халқаро бозорга чиқиш ва тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ушбу учрашув Ўзбекистонни глобал технологик экотизимга мустаҳкам интегратсиялаш ва рақамли тараққиётни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини оширишга хизмат қилади.


