Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Архитектура қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги Давлат агентлиги директори билан учрашди
2024-03-05 17:35:00 / Янгиликлар

Ўзаро самимий кечган мулоқотда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Икки давлат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтаётган олий даражадаги мулоқотлар тизимли ва фаол тус олгани ҳамкорликни салмоқли даражада мустаҳкамлаш, янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва амалий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
“Биз Ўзбекистонда қурилиш индустриясида эришилаётган ютуқларга катта қизиқиш билан қараймиз”- деди делегация раҳбари. Хусусан, қурилишда яшил иқтисодиёт тармоқларидан фойдаланиш, соҳага ахборот коммуникация технологияларини тадбиқ қилиш, жумладан, энерготежамкор тизимларни самарали қўллаш бўйича амалга оширилаётган тажрибани ўзлаштириш асосий мақсадимиз, - дейилди мулоқотда.
Шунингдек, учрашувда давлатлараро қурилиш стандартлари ва низомларини қўллаш, қурилиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди. Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Архитектура қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги Давлат агентлиги директори Нурдан Орунтаевнинг таъкидлашича, яқин кунларда “Бишкек city” лойиҳасини тақдимот қилиш ва мазкур лойиҳага Ўзбекистон қурилиш компанияларини жалб қилиш ҳам кўзда тутилган. Умуман олганда, Қирғизистон Республикаси қурилиш соҳасига ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилишга катта қизиқиш билан қарайди. “Шу боис маҳаллий қурилиш соҳаси вакилларини Қирғизистонга таклиф қилиш ҳам режамизнинг асосий мақсади”, - дея ўз сўзида давом этди делегация раҳбари.
Ўзаро амалий мулоқот руҳида ўтган музокарада келгусидаги истиқболли вазифаларнинг манзил ва муддатлари ҳам белгилаб олинди. Таъкидлаш керак, ташриф давомида дегатсия аъзолари Тошкент шаҳридаги қурилиш объектларида ҳам бўладилар. Шунингдек, Тошкент cитй, Президент мактаблари, Олимпия шаҳрчасига ташриф ҳамда Турин Политехника университети экспериментал базаси фаолияти билан танишиш ҳам режалаштирилган.


