Ўзбекистон - Венгрия: таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
2025-07-18 09:40:00 / Янгиликлар

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ҳар йили Венгрия томонидан ўзбек фуқаролари учун ажратиладиган таълим грантлари сони 200 тагача оширилди. Бу эса икки давлат ўртасидаги идоралараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, ўзбекистонлик ёшлар учун хорижда, хусусан Венгриянинг нуфузли ОТМларида таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, Венгрия ҳукумати 2018 йилдан бери Ўзбекистон фуқароларининг ўз ОТМларида таълим олиши учун стипендиялар ажратиб келмоқда. Бугунги кунгача юртимиздан 400 дан зиёд ёшлар Венгриянинг турли университетларида таҳсил олиб, ушбу дастур имкониятларидан самарали фойдаланишган.
Ўзбекистонлик ёшлар ўртасида ушбу стипендия дастурига бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётгани ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланаётгани сабабли, Венгрия томони стипендия квоталарини босқичма-босқич кўпайтириб келмоқда.
Венгрия томонидан таклиф этилган таълим йўналишлари Ўзбекистон иқтисодиёти эҳтиёжларидан келиб чиқиб танланган бўлиб, номзодлар таълимни инглиз ёки венгер тилларида олиш имконига эга бўлади.
Муҳими, мазкур келишув Ўзбекистон томони учун ҳеч қандай молиявий мажбурият юкламайди. Венгрия ҳукумати таълим тўлови, турар жой, тиббий хизмат ва стипендияни ўз зиммасига олади. Фақатгина авиачипта харажатлари талабанинг зиммасида қолади.
Ҳужжатда танлов жараёнида шаффофлик ва адолатлиликни таъминлаш бўйича қоидалар ҳам акс этган.
Қўшимча баённоманинг имзоланиши Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. Бу юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, фан, таълим ва инновация соҳаларидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва замонавий билимлар билан бойитилган янги авлодни етиштиришга кенг йўл очади.

