Эрон элчиси билан учрашув ўтказилди
2025-07-16 10:10:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий билан учрашди.

Учрашувда икки давлат раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли ўзаро ҳамкорлик кенг қамровли муносабатлар даражасига кўтарилгани, олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш ҳар икки томон учун манфаатли эканлиги таъкидланди.
Элчи жаноблари Эрон компанияларининг сув омборлари, тўғонлар, гидроэлектр станциялари, каналлар қуриш тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.
Мулоқот чоғида сув хўжалиги объектларини қуриш, соҳага доир жиҳоз ва ускуналар, жумладан, сув тежовчи технологияларнинг ускуналарини етказиб бериш имкониятлари борлиги, илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

