Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар изчил давом этмоқда
2025-07-15 14:10:00 / Янгиликлар

Учрашувлар давомида туманлардаги мутасадди ташкилотлар, хусусан, Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Н. Нормирзаева, шунингдек, Марказий банкнинг Тошкент вилояти бош бошқармаси, тижорат банклари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Асосий эътибор хотин-қизларни иқтисодий фаолликка жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад манбаларига эга бўлишларини таъминлаш масалаларига қаратилди. Таҳлилий ёндашув асосида ҳар бир ҳудудда олиб борилаётган ишлар чуқур кўриб чиқилди, мавжуд камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга оид туман ҳокимининг ўринбосарлари ҳисобот берди. Ҳисоботларда муайян ҳудудларда кўплаб хотин-қизларга касб-ҳунар ўргатиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш, оилавий бизнесларни йўлга қўйиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ташаббуслар тилга олинди.
Ташриф доирасида Зулайҳо Маҳкамова Ўрта Чирчиқ туманида бўлиб, у ерда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар билан манзилли танишди. Туман миқёсида яратилаётган иш ўринлари, касбга йўналтириш марказлари фаолияти, аёлларнинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашиш борасидаги дастурларни кўздан кечирди. Жумладан, касб-ҳунарга тайёрлаш курслари, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган ишлаб чиқариш цехлари ва кооперация лойиҳалари аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Учрашув якунида Бош вазир ўринбосари томонидан жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, аёллар бандлигини таъминлашга доир фаолиятни тизимли ва самарали ташкил этиш бўйича қатъий топшириқлар берилди. Шунингдек, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларни замонавий касбларга ўргатиш ва уларнинг меҳнат бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлида янги ёндашувларни жорий қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Бу каби учрашувлар ва таҳлилий таҳлиллар асосида республикамизда хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама камолга етказиш борасидаги ишларга янгича суръат берилмоқда.


