“Daltex” компанияси тажрибаси — Ўзбекистонда картошкачилик ривожига туртки
2025-07-15 09:45:00 / Янгиликлар

Учрашув дўстона ва ишчан руҳда ўтди. Мисрнинг чўл ҳудудларини обод этишдаги, замонавий, сувни тежовчи технологияларни — хусусан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини самарали татбиқ этишдаги бой тажрибаси Ўзбекистон учун долзарб аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Хусусан, “Daltex” компаниясининг картошка етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш борасидаги муваффақиятли амалиёти катта қизиқиш уйғотди.
Маълумот ўрнида: “Daltex Corporation” Мисрнинг 12 та ҳудудида 45 минг гектар ер майдонида фаолият юритади. Ҳар йили компания томонидан 200 минг тоннадан зиёд картошка етиштирилиб, Германия, БАА каби мамлакатларга экспорт қилинади. Бундан ташқари, йилига 50 минг тонна цитрус мевалар ва халқаро сертификатларга эга узум етиштирилади. Бугунги кунда компания маҳсулотлари 60 дан ортиқ мамлакатлар бозорига экспорт қилинмоқда.
Учрашув давомида икки давлат ўртасида замонавий қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сувни бошқариш соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, картошкачилик йўналишида Миср тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш ва бу соҳада йирик натижаларга эришиш борасида истиқболли режалар белгилаб олинди.


