Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг 22-йиғилиши бўлиб ўтди
2025-07-14 10:20:00 / Янгиликлар

Томонлар ШҲТ доирасида маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати юзасидан фикр алмашдилар, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим (2007 йил 16 август, Бишкек) асосида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
“Айни пайтда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги маданий ҳамкорлик нафақат дўстликни мустаҳкамлаш, балки бир-биримизни ҳурмат қилиш, тушуниш, маданий меросимизни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ШҲТнинг маданий лойиҳаларида фаол иштирок этиб, маданий ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Мамлакатимиз ШҲТга аъзо давлатлар билан кино, театр, мусиқа, рақс, музей ва бошқа соҳаларда маданият соҳасида ҳамкорлик қилади. “Маданият кунлари”ни ташкил этиш, театр гастроллари, музейлар кўргазмалари яхши анъанага айланган. Ҳурматли ҳамкасблар! Маданият соҳасидаги ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигига ишонамиз. Бироқ, биз бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаяпмиз, деб ҳисоблаймиз. Бизга маълумки, ШҲТга аъзо давлатлар аҳолиси уч миллиарддан ортиқ, яъни дунё аҳолисининг деярли ярмини ташкил этади. Бу кўрсаткич кўплаб қўшма маданий лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатади. Бугун дунёда зиддиятлар кўпайиб бораётган бир пайтда тинчлик ва барқарорликни сақлашда айнан маданият муҳим ўрин тутади. Энди барча мамлакатлар учун энг муҳими иқтисодий ривожланишдир, аҳолининг ўсиши эса энергия ва ресурсларга талабни оширади. Иқтисодиёт билан бирга миллий маданиятни ҳам асраб-авайлаш ва ривожлантириш муҳим. Хитой мисолида иқтисодий тараққиётни маданий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш билан муваффақиятли уйғунлаштириш мумкинлигини кўрсатади” – деди вазир Озодбек Назарбеков йиғилишдаги нутқи давомида.
Йиғилишда ШҲТ Бош котиби Нурлан Эрмекбаев ШҲТ доирасида маданий лойиҳалар халқларни бир-бирига яқинлаштириш, ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва яхши қўшничилик ғояларини илгари суриш платформасига айланиб бораётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва ШҲТ ташаббусларини жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этаётган Хитой, Қирғизистон Республикаси, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондаги халқ дипломатияси институтлари фаолияти алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш иштирокчилари олдида сўзга чиққан Бош котиб ШҲТнинг барча механизмлари самарадорлигини ошириш бўйича Давлат раҳбарларининг топшириқларини қайд этди ва томонларни маданият соҳасидаги амалий лойиҳаларни кўпайтиришга чақирди. Хулоса ўрнида Нурлан Эрмекбаев томонларга ШҲТнинг маданият соҳасида қабул қилинган ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этиш, келишувни амалиётга жорий этишни жадаллаштириш, маданий меросни асраб-авайлашнинг долзарб масалалари бўйича қўшма тадбирлар ўтказишга қаратилган қатор ташаббусларни таклиф этди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар протокол имзоладилар ва “2025 йилга мўлжалланган ШҲТ доирасидаги маданий алмашинув тадбирлари рўйхати”ни тасдиқладилар.
Маълумот учун, ШҲТга аъзо давлатлар бадиий жамоалари иштирокида қўшма концерт дастури бўлиб ўтиши режалаштирилган.


