Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида маданий ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
2025-07-03 10:10:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида икки давлатнинг маданий соҳадаги ҳамкорлиги ва унинг юқори даражаси алоҳида таъкидланди.
"Ўзбекистон ва Озарбайжон ўзининг маданияти ва урф-одатлари билан бир-бирига жуда яқин бўлган қардош халқлардир. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона алоқалари мамлакатлар ўртасидаги маданий алмашинувга кенг замин яратиб бермоқда" - деди Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжонда ташкил этилаётган халқаро фестивалларда икки давлат ижодий жамоаларининг доимий иштироки ушбу самимий ҳамкорликнинг яққол намунаси эканлиги алоҳида таъкидланди.
Хусусан, 2024 йилнинг 23 август куни олий даражадаги ташриф доирасида Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлик концерти” ташкил этилганлиги ва унда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Пўлат Булбулўғлига “Ўзбекистон халқ артисти”, Озарбайжон Республикаси Президенти томонидан Фаррух Зокировга “Озарбайжон халқ артисти” фахрий унвонлари топширилганлиги мамлакат раҳбарларининг маданият соҳасига қаратаётган юксак эътиборлари эканлиги алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, вазир Озодбек Назарбеков ўтган йилнинг август ойида Самарқандда бўлиб ўтган XIII Шарқ тароналари халқаро мусиқа фестивалида Озарбайжоннинг “Семурғ” гуруҳи фестивалнинг Гран-при мукофотини қўлга киритгани ва жорий йилнинг апрель ойида азим Хива шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Бахшичилик санъати фестивалида “Озарбайжон ошиқлари” гуруҳи фестивалнинг Гран-при ғолиби бўлгани билан яна бир бор табриклади.
Ўз ўрнида, Озарбайжон маданият вазири Адил Керимли ҳам икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорликни қардош биродарлар ҳамкорлиги сифатида кўришини ҳамда 2024 йил 23-26 январь кунлари Боку шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон фани ва маданият кунлари” тадбирлари, 2025 йилнинг 29-30 апрель кунлари Озарбайжон давлат академик миллий драма театрида илк маротаба ўзбек адабиётининг таниқли намояндаси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида саҳналаштирилган спектакль премьераси озарбайжон халқи томонидан жуда илиқ кутиб олингани таъкидлади.
Қолаверса, жорий йилнинг июнь ойида Боку шаҳрида ўтказилган “Муғам олами” VII Халқаро мусиқа фестивалида Ўзбекистон вакиллари 1 ва 3-ўринни эгаллаганлари билан қутлади.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки маданий-гуманитар соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Икки давлат раҳбарлари томонидан мазкур соҳага қаратилаётган эътибор орқали қардош халқлар ўртасида дўстлик ва биродарлик алоқалари янада ривожланмоқда.

