Адлия вазири А.Ташкулов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчи давлатлари Адлия вазирлари кенгашининг 19-мажлисида иштирок этди.
2025-06-26 09:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда таъкидланганидек, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги мулоқотнинг мазкур формати ҳуқуқий соҳада фаол ҳамкорлик қилиш, миллий даражада қабул қилинган муваффақиятли амалиётлар билан ўртоқлашиш ҳамда янги қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш имкониятини бермоқда.
Адлия вазири А.Ташкулов Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирликлари ўртасида маълумотлар алмашиш ягона электрон платформасининг концепциясини тақдимот қилди.
Мазкур электрон платформа ҳамдўстлик ҳудудида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириб, фуқароларимизнинг давлатлараро ҳуқуқий ҳимоя механизмларини кучайтиришга хизмат қилади.
Маълумот учун: адлия идораларига ҳар йили 5 мингдан ортиқ ФҲДЙ органлари, нотариат ва бошқа ҳуқуқий ёрдам йўналишларида МДҲ аъзо давлатлари билан боғлик сўровлар келиб тушмоқда. Ҳужжатлар билан алмашиш почта хизматлари орқали амалга оширилаётганлиги сабабли ҳар бир сўровни ижро қилиш муддати ўртача 2 ойдан 6 ойга қадар чўзилмоқда.
Кенгаш қарори билан концепция ва уни амалга ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди. Электрон платформани ишлаб чиқиш учун адлия вазирликлари мутахассисларидан иборат доимий ишчи гуруҳ тузилди.
Иштирокчилар Ҳамдўстлик маконида ҳуқуқий ҳамкорликни янада кучайтириш, ФҲДЙ органлари, адвокатура ва нотариат соҳаларини ислоҳ қилиш масалаларни муҳокама қилишди ҳамда кенгашнинг 2027-йилги иш режасини кўриб чиқдилар.

