Ўзбекистон делегациясининг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 51-сессиясида иштироки юзасидан
2025-06-25 11:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон делегацияси минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида алмашинувни кучайтириш бўйича аниқ таклифларни илгари сурди. Томонлар мавжуд салоҳиятдан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ҳамда халқларнинг фаровонлиги йўлида яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ташриф давомида ислом дунёсидаги қатор ҳамкор давлатлар билан мазмунли учрашувлар ўтказилиб, умумий манфаатлар доирасида мулоқот олиб борилди.
Хусусан, Иордания Бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриатлар масалалари бўйича вазири Айман Сафади, Ироқ Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайн, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов, Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий, Мозамбик Республикасининг адлия, конституциявий ва диний масалалар бўйича вазири Метю Сайз, Сурия ташқи ишлар вазири Асаад Ҳассан Ал-Шаибани, Бангладеш ташқи ишлар маслаҳатчиси Тоуҳид Ҳусайн билан самарали учрашувларда соҳабай яқин ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Покистон Республикаси Сенатори, Бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исъҳоқ Дар билан учрашувда биргаликда амалга ошириш учун улкан салоҳият мавжудлиги ва икки томонлама муносабатларга янги динамикани олиб киришга алоҳида эътибор берилди. Стратегик қарорларни амалий натижаларга айлантиришга муҳим механизм бўлиб хизмат қиладиган, томонлар ўртасидаги ташаббус ва лойиҳаларни изчил илгари суришга замин бўладиган Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари ўртасида Амалий ҳаракатлар режаси имзоланди.


