ХВЖ делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
2025-06-16 09:25:00 / Янгиликлар

Делегацияга ХВЖнинг Фискал масалалар департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Шафик Ҳебус бошчилик қилди. Учрашувда, шунингдек, департаментнинг бош иқтисодчиси Жан Франсуа Вен, корпоратив солиқ имтиёзлари бўйича қисқа муддатли эксперт Барбара Стейж, моделлаштириш бўлими катта иқтисодчиси Филипп Вингендер, солиқ маъмурчилиги бўйича маслаҳатчи Гиорги Канделаки, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров, Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ҳамда бошқа мутасадди раҳбарлар иштирок этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон фискал сиёсатини янада такомиллаштириш, жумладан, даромад базасини кенгайтириш, инвестициялар ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, фойда солиқ базасини ҳимоялаш каби устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
ХВЖ вакиллари, шунингдек, божхона сиёсатини такомиллаштириш, тартибга солиш самарадорлигини ошириш, солиқ сиёсатида адолат ва самарадорлик тамойилларини уйғунлаштириш бўйича ўз таклиф ва техник ёндашувларини тақдим этди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро фикр алмашди ҳамда ХВЖ кўмагида давом этаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, хусусан, солиқ тизимининг ижтимоий адолатга асосланганлиги ва бизнес муҳитига ижобий таъсирини кучайтириш борасида ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
