Жаҳон банки вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди
2025-05-30 18:55:00 / Янгиликлар

Делегация таркибида макроиқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича амалиёт менежери Антонио Нусифора, Жаҳон банкининг етакчи иқтисодчилари ва мутахассислари қатнашди. Ўзбекистон томонидан музокараларда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков, вазир маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда бошқа масъул ходимлар иштирок этди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг асосий йўналишлари, хусусан, миллий иқтисодиёт ўсиш истиқболлари ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш чоралари муҳокама этилди. Жаҳон банки вакиллари республикадаги ҳозирги иқтисодий вазиятнинг таҳлилий шарҳини тақдим этиб, Ўзбекистоннинг экспортни кўпайтириш ва тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб қилишдаги юқори салоҳиятини таъкидлаб ўтди.
Томонлар давлат корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш ва рақобатбардош бозор муҳитини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Иқтисодиётни эркинлаштириш ва қулай тадбиркорлик муҳитини яратишга йўналтирилган таркибий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар стратегик ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланишига қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқлашди.
