Самарқанд МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб БМТнинг нуфузли конференциясига мезбонлик қилмоқда
2024-02-12 17:35:00 / Янгиликлар
Бугун, 12 февраль куни “Ипак йўли” конгресс-холлда ушбу нуфузли конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.
Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси 1979 йилда Боннда (Германия) имзоланган ва 1983 йилда кучга кирган. Конвенцияга 133 давлат аъзо. Ўзбекистон Конвенцияга 1998 йил 1 сентябрда қўшилган.
Бундай нуфузли тадбир илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистонда ўтказилиши тарихий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шунинг учун ҳам ушбу тадбир халқаро иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди, унда қатнашиш учун 130 дан ортиқ давлатдан 1 800 га яқин иштирокчилар қатнашмоқда.
Тадбирда БМТ котибининг ўринбосари, Атроф-муҳит дастури ижрочи директори И.Андерсен, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи бош директори Г. Агилар, Глобал экологик фонд раиси ва бош директори С.Родригес, Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш бўйича Конвенцияси Ижрочи котиби Э.Френкель, Биохилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияси ижрочи котиби Д.Купер, Жаҳон банкининг Атроф муҳит, табиий ресурслар ва мовий иқтисодиёт бўйича глобал директори В.Хикки, шунингдек, конвенцияда иштирок этувчи мамлакатлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари, халқаро экологик битимлар котибиятлари ва етакчи илмий доиралар раҳбарлари иштирок этмоқда.