Яшил иқлим жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
2025-05-28 10:30:00 / Янгиликлар

Учрашувда М.Дуарте Ўзбекистон ҳукуматига самимий қабул, шунингдек, Оролбўйи минтақасига танишув сафари ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасида олиб борилаётган тақдим этилган лойиҳа ва ислоҳотлар муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у барқарор қишлоқ хўжалиги, сувдан оқилона фойдаланиш муҳимлиги ва Оролбўйи ривожида фермерларнинг муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Ўз навбатида, А.Абдуҳакимов Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистоннинг “яшил” ташаббуслари, жумладан, Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги 2 миллион гектар майдонни кўкаламзорлаштириш ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларида ҳар йили 200 миллион туп дарахт кўчатларини экишга мўлжалланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига эътибор қаратди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг “яшил” ривожланиш соҳасидаги жорий лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. ЯИЖнинг Марказий Осиёда минтақавий ваколатхонасини очиши ташаббуси алоҳида қизиқиш уйғотди — Ўзбекистоннинг мезбон сифатида танланиши мумкин.
Томонлар Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш, жумладан, Қорақалпоғистонда иқлим музейини ташкил этиш ва биохилма-хилликни сақлаш дастурларини қўллаб-қувватлаш лойиҳасини ишга тушириш ғоясига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликлари таъкидланди, истиқболли ташаббуслар бўйича эксперт баҳолари алмашинувини йўлга қўйишга келишилди ҳамда конструктив ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга умид билдирилди.


