Халқаро триатлон иттифоқи Президенти Фернандес Аримани билан ҳамкорлик учрашуви ўтказилди
2025-05-27 09:25:00 / Янгиликлар

Тадбирда Спорт вазири Адкҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаевлар иштирок этди.
Учрашув аввалида Ф.Аримани музейдаги экспонатлар билан таништирилди, ўзбек спортининг тарихи ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва унинг бугунги кундаги натижалари ҳақида ахборотлар берилди.
Учрашув давомида хорижий меҳмон томонидан юқори даражадаги меҳмондўстлик, спортга бўлган эътибор ва триатлонни ривожлантириш борасидаги саъйи ҳаракатлар учун миннатдорчилик билдирилди.
Шунингдек келгусида ўтказиладиган нуфузли мусобақаларда ўзбек спортчиларининг муносиб иштироки, қолаверса мамлакатимизда ҳам триатлоннинг нуфузли мусобақаларини ўтказиш таклифлари муҳокама қилинди.
Қайд этиш лозимки, Самарқанд шаҳри бир неча йиллардан буён триатлон бўйича бир қатор нуфузли спорт мусобақаларига мезбонлик қилди ва бу Ф.Аримани жаноблари томонидан ҳам алоҳида қайд этилди.
Халқаро триатлон иттифоқи Президенти Фернандес Аримани юртимизга ташрифи давомида Самарқанд шаҳридаги триатлон ва паратриатлон бўйича жаҳон кубоги мусобақалари жараёнларида иштирок этиб, қадимий шаҳардаги бир нечта тарихий обидалар билан ҳам танишди.
Бундан ташқари, Ф.Аримани пойтахтимизнинг Яшнобод туманида бунёд этилаётган Олимпия шаҳарчасидаги спорт объектлари, иншоотлар ва у ерда спортчи-мураббийларга яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди.


