Ўзбекистон-Тожикистон: янги лойиҳалар муҳокама қилинди
2025-05-26 10:15:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида, Сўғд вилоятидаги “Боғи миллий ваҳдат”да икки мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлари Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Қурбон Ҳакимзода ўртасида учрашув ташкил этилиб, унда аграр соҳа тармоғини ривожлантириш, икки дўст мамлакат қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган лойиҳалар изчиллигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида, ушбу “Миллий бирлик боғи”нинг 70 гектарлик қисмида қўшма илмий-амалий тажриба алмашинуви майдони сифатида “Дўстлик боғлари” барпо этилган. Бу ерда Ўзбекистоннинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари олимлари ва тожикистонлик аграр мутахассислар биргаликда тажриба алмашиб, замонавий агротехник услублар асосида қатор экин турларини етиштирмоқда.
Шунингдек, боғнинг 9,5 гектар майдонида ўзбекистонлик фермерлар томонидан шафтолининг “Флория” нави муваффақиятли парвариш қилинмоқда. Ҳудудда мева-сабзавот ва полиз экинлари етиштириш, узумчиликда илғор агротехник тажрибаларни татбиқ этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Учрашувда айнан ана шундай амалиётларнинг самарадорлиги алоҳида эътироф этилиб, уларни кенг ҳудудларда жорий этиш, инновацион ёндашувларни янада ривожлантириш ва янги инвестицион лойиҳаларни шакллантириш юзасидан истиқболли таклифлар илгари сурилди.
Учрашувда Тожикистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сулаймон Зиёзода Ризои ҳам иштирок этиб, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик руҳида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга юксак баҳо берди. У, шунингдек, аграр соҳани янада ривожлантиришга қаратилган келгусидаги режалар борасида ўз фикрларини билдирди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов эса ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликдан мамнунлигини изҳор этиб, ҳали ишга солинмаган илғор технологияларни ғаллачилик ва боғдорчилик йўналишларида татбиқ этиш, тажриба алмашув асосида маҳсулот етиштириш ҳамда экспорт-импорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифларини илгари сурди.
Мулоқот якунида томонлар икки давлат аграр тармоғининг устувор йўналишларини ривожлантириш, ҳудудларда ҳамкорлик асосидаги янги лойиҳаларни амалга ошириш, ғаллачилик, боғдорчилик ва узумчилик соҳаларида тажриба алмашинувини кучайтириш, шунингдек, мутахассислар малакасини оширишга қаратилган қўшма дастурларни ишлаб чиқиш борасида келишувга эришдилар.

