Ўзбекистон ва Венгрия: Ишончли ҳамкорликнинг янги саҳифаси
2025-05-20 09:05:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида қатор ҳамкорлик учрашувлари ўтказилмоқда. Жумаладан, вазир Венгрия табиий фанлар ва қишлоқ хўжалиги университети профессори, соҳада халқаро даражада тан олинган мутахассис Жолт Полгар билан бўлган учрашувда Ўзбекистонда картошкачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган янги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистонда картошкачилик маркази фаолиятини ривожлантириш, илм-фан ва амалиётни уйғунлаштириш орқали эришиладиган истиқболлар атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, Hungarian Potato Innovation LTD компанияси раҳбари билан ҳам икки томонлама музокаралар ўтказилди.
Музокаралар давомида мамлакатимизда картошкачилик йўналишини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш бўйича бир қатор аниқ таклифлар ўртага ташланди.
Бинобарин, элита навли картошка турларини етиштириш бўйича қўшма фаолиятни йўлга қўйиш, селекция ва уруғчилик тизимини халқаро стандартлар асосида модернизация қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда “Картошкачилик корпорацияси”ни тузиш ташаббуслари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида Венгрия томонининг ушбу соҳадаги бой тажрибаси ва инновацион ёндашувлари Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, илғор технологиялар ва билимларни жалб этиш орқали юртимиз картошкачилик салоҳиятини ошириш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.