Чиқиндини қайта ишлаш ва ундан муқобил энергия олиш масаласи муҳокама қилинди
2024-02-06 09:45:00 / Янгиликлар

Учрашувда юртимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон муҳим аҳамият касб этишини таъкидланди. “Чиқиндиларни бошқаришни комплекс тизимини жорий этиш” лойиҳаси эса бу ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлиги қайд этилди.
“Атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланиши даражасини камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали улардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга, — деди вазир Азиз Абдуҳакимов. — “Tadweer” билан амалга ошириладиган лойиҳа эса бу борада кенг имкониятларни тақдим этади. Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизатсия қилиш орқали уларнинг ҳажми камайтирилади ва кимёвий моддалар зарарсизлантирилади. Шу билан бирга, чиқиндиларни ёқиш натижасида муқобил энергия ишлаб чиқариш ва иккиламчи моддий ресурсларни ажратиб олиш имконияти яратилади".
Учрашув давомида чиқиндиларни йиғиш, мониторинг тизимини жорий этиш, “яшил” энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Вазир “Tadweer” компанияси вакилларига амалга оширилаётган ишлар учун миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида Али Ал-Дҳаҳери Экология вазирлиги билан ҳамкорликдан мамнун эканлигини айтиб ўтди.
“Тез орада лойиҳанинг амалий қисмига ўтамиз. Дастлаб Навоий ва Бухоро вилоятларидаги чиқинди полигонлари ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари фаолиятини ўрганамиз, шарт-шароитларни кўздан кечирамиз. Ҳамкорлигимиз ҳар томонлама самарали бўлишидан манфаатдормиз”, — деди Али Ал-Дҳаҳери.
Учрашувдан сўнг юқори мартабали меҳмон Экология вазирлиги, вазирликнинг Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси ҳамда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази билан яқиндан таништирилди.
Маълумот учун, Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференсияси (COP28) доирасида “Tadweer” компанияси билан меморандум имзоланиши лойиҳанинг муҳим босқичи бўлди. Меморандум чиқиндиларни бошқариш соҳасида замонавий инноватсион экологик тоза технологиялар ва хизматларни жорий этишни назарда тутади.
Лойиҳа тозаланмаган чиқиндиларни полигонларга жойлаштиришни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, атмосферага иссиқхона газлари ва заҳарли органик моддаларни чиқаришни камайтиришга хизмат қилади.

