Токиода ўтган “Uzbekistan Outsourcing Conference” Япония компанияларида катта қизиқиш уйғотди
2025-05-15 08:40:00 / Янгиликлар

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги сармоявий ва инсон ресурслари салоҳиятини тақдим этиш, шунингдек, Япония IT компаниялари билан бевосита алоқаларни ўрнатишдир.
Йиғилишда вазирлик ва IT Park вакиллари IТ-соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ривожланган инфратузилма, солиқ имтиёзлари, шунингдек, хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар ҳақида атрофлича сўзлаб берди. IТ-мутахассисларни тайёрлаш дастурларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир очилишида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси М. Абдураҳмонов ва сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги рақамли ҳамкорлик, IT соҳасидаги ислоҳотлар ва инвестиция имкониятлари ҳақида маълумот беришди.
Вазир маслаҳатчиси Акиҳиро Сакураи Ўзбекистоннинг рақамли ривожланиш стратегияси ва япон компаниялари учун янги имкониятлар ҳақида гапирди. Шунингдек, IT Park томонидан Ўзбекистондаги оутсоурcинг имкониятлари, IТ-виза, Zero Risk дастури ва IT кадрлар салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказилди.
JETRO вакили Ўзбекистондаги бизнес муҳити ва сармоя имкониятлари ҳақида маълумот берди. Digital Knowledge компанияси вакили Ногучи Ясуюки Ўзбекистонда олиб бораётган таълим лойиҳалари ҳақида фикр билдирди. CICC компаниясидан Котаро Окада ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик йўналишлари ҳақида сўз юритди.
Тадбир давомида “Side International”, “CrossCat”, “Outsourcing Technology Inc.” компаниялари билан алоҳида учрашувлар ўтказилди.
Якунда “Rakuten”, “Mitsubishi Corporation”, “ULTRA X”, “Sojitsu Corporation”, “Daiwa House Group”, “FPT Consulting Japan”, “NEC”, “Aioi Nissay Dowa Insurance” каби йирик компанияларга 24 июль куни бўлиб ўтадиган “Global Business Service Forum” тадбирига расмий таклифномалар топширилди.
Мазкур конференция Япония компаниялари учун Ўзбекистоннинг рақамли экотизими ва ҳамкорлик истиқболларини чуқурроқ ўрганиш учун муҳим платформа бўлди. Тадбирда 160 дан ортиқ компаниялардан 200 га яқин вакиллар иштирок этди. Улардан 20 дан ортиғи Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирган.