Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Э.Стипрайс билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
2025-05-14 08:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Адлия вазири А. Ташкулов сўнги йилларда мамлакатимизда адлия ва ҳуқуқ, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ушбу ислоҳотларда Европа Иттифоқининг ўрни ҳақида гапириб ўтди.
Эдуард Стипрайс жаноблари, ўз навбатида, адлия ва ҳуқуқ соҳаларида амалга оширилган ислоҳотларни юқори баҳолаб, уларни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув давомида томонлар «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгаши ҳамда адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича кичик қўмитаси доирасида доимий равишда қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорлик фаол йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар борасида эришилаётган натижаларга юқори баҳо берилди.
Учрашув якунида томонлар фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари борасида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, ҳамкорликда адлия ва ҳуқуқ соҳасидаги тадбирларни ўтказишга келишиб олдилар.
Шу билан бирга, А.Ташкулов Европа Иттифоқини қонун устуворлигига асосланган эркин ва очиқ халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг ишончли ва узоқ муддатли стратегик шериги эканлигини таъкидлади.


