Хитойлик ҳамкорлар билан IT таълимни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди
2024-01-25 09:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ва ХХРнинг Чунсин провинцияси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати бўйича берилган маълумотга кўра, 2023 йилда ушбу провинциясининг Ўзбекистон билан савдо ва иқтисодий алоқалари 1 млрд юанни ташкил этган.
Учрашув давомида Чунсин провинцияси ушбу ҳамкорлик кўрсаткичини IT йўналишида мустаҳкамлаш орқали янада оширишга қизиқиш билдирилди.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган 8 та университет вакилларининг таклифлари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, Чунсин политехника университети раҳбари томонидан илм-фан ва технологиялар йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистонда АКТ соҳасида ўзбек-хитой қўшма ўқув марказини ташкил этиш, соҳа педагоглари учун малака ошириш ҳамда талабалар алмашинуви қўшма дастурларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Чунсин муҳандислик касб-ҳунар институти раҳбарияти томонидан Ўзбекистоннинг АКТга ихтисослашган олий таълим муассаси билан ҳамкорликни амалга ошириш орқали ўқитувчи ва талабалар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Шу билан бирга, электрон муҳандислик касб-ҳунар коллежи раҳбари Қозоғистон билан ҳамкорликда ташкил этилган касб-ҳунар марказини (хитой тили ва техник мутахассисликлар) Ўзбекистонда ҳам ташкил этиш истагини билдирди.
Бундан ташқари, Чунсин профессионал муҳандислик техникуми раҳбарияти томонидан Ўзбекистон билан сунъий интеллект ва катта маълумотлар технологиялари йўналишида ҳамкорлик қилиш орқали ўзбекистонлик ўқувчиларни техникумга ўқишга жалб қилиш, Республикада педагоглар малакасини ошириш учун махсус Марказ ташкил этиш ҳамда ҳамкор ўзбек ОТМси билан “3+1” ёки “2+2” асосида қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Шунингдек, Илм-фан ва технологиялар уюшмаси вакили томонидан Ўзбекистонга режалаштирилаётган бўлажак ташрифи давомида тегишли ОТМлар ва IT соҳасида хусусий сектор вакиллари билан музокаралар ҳамда халқаро даражадаги қўшма илмий-амалий конференциясини ташкиллаштиришда амалий ёрдам сўралди.
Учрашувда тақдим этилган таклифлар билан танишган Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий бизнес вакилларига яратилаётган шарт-шароитлар, жумладан, солиқ имтиёзлари ва IT таълимни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар билан таништириб, ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва ҳамкорликни аниқ истиқболларини белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади.


