Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзаков Хитойнинг Анхой провинцияси губернатори билан учрашди
2024-01-23 09:20:00 / Янгиликлар

Анхой провинцияси халқ ҳукумати губернатори Ван Тсинсян Тошкент делегацияси аъзоларини самимий кутиб олди. Провинциянинг умумий кўрсаткичлари ҳақида қисқача тўхталар экан, Тошкент шаҳрининг барча ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Ш.Умурзаков меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат раҳбарлари томонидан тарафларнинг ўзаро мулоқоти учун қулай шарт-шароит яратилганини таъкидлади. Айни пайтда Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида Хитойнинг кўплаб корхоналари фаолият юритаётгани, улар ўз навбатида ҳар икки давлатнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшаётгани, улар учун энг қулай шарт-шароитлар яратилгани, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун билан кафолатланганини маълум қилди.
Шунингдек, Ш.Умурзаков Тошкент шаҳрида яқин йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бир қатор йирик лойиҳалар билан таништириб, вилоят ишбилармон доиралари вакилларини ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликка таклиф қилди.


