Тошкентда МДҲ инновацион ривожланиш форуми бўлиб ўтди
2025-05-01 09:25:00 / Янгиликлар

Халқаро миқёсдаги ушбу нуфузли анжуманда МДҲга аъзо мамлакатларнинг илм-фан ва инновациялар соҳасида фаолият юритувчи вазирлик ва идоралари, олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси Бош котиби ўринбосари Денис Трефилов очиб берди. Тадбирда, шунингдек, Тожикистон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан келган расмийлар, жумладан, вазир ўринбосарлари, инновация агентликлари раҳбарлари ва соҳавий мутахассислар қатнашди.
Форум панель муҳокамалар форматда ўтказилиб, унда минтақада инновацион экотизимларни ривожлантириш, стартаплар ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, технологиялар соҳасида трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш, сунъий интеллектни жорий этиш ва турли тармоқларда рақамли трансформация стратегияларини ишлаб чиқиш каби долзарб йўналишлар муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчи инновацион сиёсат соҳасида тажриба ва ғоялар билан ўртоқлашиб, келгусидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан келишувларга эришдилар. Форум МДҲ давлатлари ўртасида инновацион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.


