Ислом тараққиёт банки президенти билан учрашув ўтказилди
2025-04-29 09:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Умрзаков, вазир маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди. Ислом тараққиёт банки томонидан эса операциялар бўйича витсе-президент Рами Саид қатнашди.
Томонлар Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорликни юксак баҳолаб, мавжуд лойиҳалар ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Суҳбат чоғида банк томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларига қўшилаётган молиявий ва техник кўмак алоҳида эътироф этилди.
Иқтисодий салоҳиятни ошириш мақсадида ИТБ билан ҳамкорликда энергетика, агробизнес, рақамли иқтисодиёт ва логистика каби соҳаларда кадрлар тайёрлашга қаратилган дастурларни йўлга қўйиш таклиф этилди. Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш ( II фаза) бўйича шартнома имзоланди.
Шунингдек, “ Реверсе Linkage” дастури доирасида Туркия (бюджетни режалаштириш), Малайзия, Индонезия, ва Марокаш (сув хўжалиги ислоҳотлари) каби мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва мутахассисларни жалб этиш бўйича ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Муҳаммад Ал Жассер Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ИТБ ушбу ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш, устувор йўналишларда янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ва узоқ муддатли шерикликни янада чуқурлаштиришга қатъий интилишини билдирди.
