Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Кувайт давлатига ташрифи юзасидан
2025-04-18 09:35:00 / Янгиликлар

Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ ва Валиаҳди Шайх Сабоҳ ас-Сабоҳ қабулида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг энг самимий саломлари етказилди.
Минтақалар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон – Кувайт муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш учун барча имкониятлар ишлатилиши таъкидланди.
Ташриф давомида мамлакат расмийлари ва Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, Кувайтда “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг учинчи учрашувида иштирок этилди.
Учрашувда кун тартибидаги долзарб мавзулар ва тобора ривожланиб бораётган ҳамкорликнинг кейинги босқичга олиб чиқишнинг самарали усуллари муҳокама қилинди. Хусусан, жорий йилнинг 5 май куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Саммит минтақалар ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Кувайт Давлати Амирлик девони ишлари бўйича давлат вазири Шайх Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Муборак ас-Сабоҳ билан учрашувда Ўзбекистон – Кувайт муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли алоқаларни фаоллаштириш, келишувларни икки мамлакат халқлари манфаатига хизмат қиладиган аниқ натижалар билан тўлдиришга алоҳида эътибор берилди.
Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасим бин Муҳаммад Ал-Будайвий билан музокаралар марказидан Самарқандда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё - Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши" Саммитини юқори савияда ташкил этишга урғу берилиб, янада мустаҳкам ва истиқболли ҳамкорлик учун кенг замин яратиш масалалари ўрин олди.
Баҳрайн Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид ал-Заяни билан учрашувда Ўзбекистон – Баҳрайн ўртасида дипломатик, савдо ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, олий ва юқори даражадаги мулоқотларни, шу жумладан Самарқандда бўлиб ўтадиган Саммит доирасида давом эттиришга келишиб олинди.
Кувайт Инвестиция агентлиги бошқарувчи директори Шайх Сауд Абдулазиз ас-Сабоҳ жаноблари билан учрашувда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестициялар учун янги имкониятлар яратиш бўйича самарали мулоқот ўтказилди.


