Вазир Ҳилола Умарова Ислом Тараққиёт Банки президенти ҳамда БАА Таълим вазири билан учрашди
2025-04-16 14:30:00 / Янгиликлар

Самарали кечган мулоқот доирасида трансформациявий таълим ташаббуслари, инклюзив таълим имкониятларини кенгайтириш борасидаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Вазир Ҳилола Умарова учрашувда, бугунги кунда Ўзбекистонда барча болаларнинг билим олишларида тенг имкониятлар яратиш ва бунинг учун замонавий инфратузилмани яратишга катта эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Ва шу ўринда Ислом Тараққиёт Банки билан ўрнатилаётган ҳамкорлик бунда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Форум доирасидаги учрашувлар Бирлашган Араб Амирликлари таълим вазири Сара Ал-Амири хоним билан давом этди.
Мулоқот доирасида томонлар таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, педагогларни тайёрлаш, рақамли трансформация ва инновацион ёндашувларга доир қўшма лойиҳаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.
Учрашувда:
“Emirates National Schools” билан таълим дастурлари ва халқаро мактаб қуриш бўйича ҳамкорлик;
Абу-Даби таълим коллежи билан педагоглар малакасини ошириш;
Президент мактаблари ўқувчиларининг БААдаги халқаро танловларда иштирок этиши;
“Янги Ўзбекистон” университети ва Халифа университети ўртасида талабалар алмашинуви;
Жорий йил Самарқандда ўтказиладиган “Марказий Осиё – Кўрфаз давлатлари” саммитида илгари суриладиган таълимга доир янги ташаббуслар хусусида фикр юритилди.

