БМТда “UN Public Service Forum –2025”га тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди
2025-04-16 10:50:00 / Янгиликлар

Сафар доирасида Ню-Ёрк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида йиғилиш ташкил этилди. Унда 2025 йил 23–25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган БМТ Давлат хизматлари форуми (UN Public Service Forum –2025)га тайёргарлик ишлари ва Ўзбекистонда IT соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тақдимот бўлиб ўтди.
Йиғилишда мазкур форум БМТ тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва турли мамлакатлар вазирлари иштирок этадиган юқори даражадаги пленар сессиялар, амалий семинарлар ҳамда Ўзбекистон тажрибасини намоён этувчи миллий кейслар тақдимоти билан бойитилган йирик халқаро ва нуфузли тадбирга айланиши қайд этилди.
Шунингдек, тадбирда бошқа давлатларнинг юқори мартабали вакилларининг форумда иштирок этиши, хусусан, Ню-Ёркдаги БМТнинг доимий вакилликлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Форумнинг нафақат давлат ташкилотлари, балки илмий-академик доиралар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ИТ-компаниялар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларини ҳам қамраб олиши муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Навид Ханиф томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил рақамли ислоҳотлар, электрон ҳукуматни жорий этиш ва давлат хизматлари сифатини ошириш борасидаги чора-тадбирлар юқори баҳоланди. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги илғор ислоҳотлар намунаси сифатида қайд этилди. Форумнинг Самарқандда ўтказилиши мамлакатнинг халқаро майдонда тобора ортиб бораётган нуфузининг яна бир мисоли сифатида эътироф этилди.
Шу билан бирга, UNDESA (БМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти) Ўзбекистоннинг глобал рейтинглар ва индексларда фаол иштирок этиши, очиқ, барқарор ва самарали давлат институтларини шакллантиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

