Ўзбекистон-Афғонистон: ўзаро дўстликка йўғрилган ҳамкорлик алоқаларининг янги даври бошланди
2025-04-14 09:45:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги мутасаддилари, хусусан, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузуҳуров, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директор ўринбосари Отажон Пирмонов, Афғонистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мулла Абдулҳақ Ҳамкор, Амирликнинг Энергетика ва сув ресурслари вазири ўринбосари Мавлавий Мужиб ул-Раҳмон Умар Оҳунзода иштирок этишди.
Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, янги истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот аввалида вазир Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон-Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш борасидаги ҳаракатлар тизимли йўлга қўйилганлигини юқори баҳолади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳамкорликда, янгича ёндашувлар асосида етиштириш, Афғонистоннинг унумдор ерларида пахта, картошка, помидор, сабзи ва бошқа экинларни хориж технологияси асосида парваришлаб, ҳосилдорликни ошириш ва бу орқали даромад манбаини ҳосил қилиш бўйича истиқболли таклифлар илгари сурилди.
Учрашув давомида вазир, чорвачилик йўналишида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш, суғориш тизимини такомиллаштиришда ўзаро тажриба алмашиш, айни соҳада фаолият юритаётган мутахассислар кўникмаларини ривожлантиришга доир ўз фикрларини билдирди ва агротехник амалиётларни тизимли йўлга қўйишда Ўзбекистон томони доимо ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, Амирлик тасарруфидаги ерларда боғдорчилик, шоличилик ва уруғчиликни стандартлар асосида ривожлантириш бўйича ҳам муҳокамалар ўтказилди. Афғонистон томони эса, бу каби истиқболли таклифлар ва дўстона қўллов учун миннатдорчилик билдириб, келгусида ҳам ўзаро дўстлик ришталарини сақлаган ҳолда ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Самимий руҳда ўтказилган учрашув якунида икки мамлакат расмийлари бир-бирларига эсдалик совғаларини туҳфа этдилар.


