Ўзбекистон ва Ветнам ишбилармон доиралари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди
2025-04-10 09:35:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Ветнам Социалистик Республикаси Миллий Мажлиси раиси Чан Тхан Ман раислигида ўтказилди.
Учрашувда икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ. Шарипов, биринчи ўринбосар Ш. Далиев ҳамда Ветнам делегацияси таркибидаги қатор вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.
Тадбир давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш ҳамда таълим ва фан соҳаларидаги истиқболли ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Давра суҳбати якунларига кўра, 2025–2026 йилларда Ўзбекистон ва Ветнам ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. Мазкур ҳужжатда олий таълим ва илм-фан соҳалари бўйича қуйидаги муҳим йўналишлар белгилаб олинди.
Хусусан, олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, икки мамлакат фуқаролари учун таълим грантлари ажратиш, Ветнамда “Таълим ва фан кунлари”ни ташкил этиш ҳамда ярим ўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника каби илғор соҳаларда қўшма тадқиқотлар олиб бориш ва илмий раҳбарликни амалга ошириш каби ташаббуслар белгиланган.


