Ўзбекистон ва Япония: манфаатли шериклик сари
2025-04-09 11:15:00 / Янгиликлар

Мазкур учрашув давомида икки давлат ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш, инновацион ечимларни татбиқ қилиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни кенгайтириш масалалари муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, мавжуд қўшма лойиҳаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича таҳлил қилинди.
Учрашув аввалида Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон-Япония муносабатлари стратегик аҳамият касб этаётганини таъкидлади. У Япония аграр тажрибасини чуқур ўрганиш ва амалиётга жорий этиш мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини замонавий босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
Ўз навбатида, депутат Секи Ёсихиро Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш масаласи бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётганини билдирди. Хусусан, у иссиқхоначиликда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш орқали мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича ўз таклифларини илгари сурди.
Суҳбат чоғида вазир Абдураҳмонов аграр соҳа талабалари учун япон тилини ўрганиш имкониятлари яратилганини, бу орқали талабаларни Японияга юбориш ва у ерда амалий кўникмаларни эгаллаш имкониятлари оширилаётганини маълум қилди.
Шунингдек, учрашувда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва боғдорчилик йўналишида Япониянинг илғор тажрибасини Ўзбекистонга олиб кириш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар қишлоқ хўжалигининг турли тармоқларида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни босқичма-босқич амалга ошириш борасида келишиб олдилар. Бу эса Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги аграр соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради.

